Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, уларни бандлигини таъминлаш орқали даромадларини кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида

МАЪРУЗА ТЕЗИСЛАРИ

Ассалому алайкум, Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Бугун сиз яна бир бор одамларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, уларнинг турмуш ташвишлари ва қувончларига шерик бўлиш, муаммоларини ижобий ҳал қилиш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар бердингиз.

Бу борада, Сизнинг ташаббусингиз билан 2017 йил
12 сентябрда қабул қилинган “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3 268-сонли Қарор ҳамда 2018 йил 22 январда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид
Давлат дастури тўғрисидаги ПФ – 5308 – сонли Фармонингиз дастури амал вазифасини ўтамоқда.

Бундан ташқари, 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қабул қилинган Фармонингиз маҳалла тизимини жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш масалаларига бутун жамоатчиликнинг эътиборини қаратди.

Шу билан бирга, Сиз томонингиздан «Қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм сурмоқда, ноҳуш ҳолатларга йўл қўйилмаяпти» деган устувор вазифаларингиз асосида маҳалла жамиятнинг ҳам кўзи, ҳам қулоғи, ҳам уйғоқ виждони бўлиб фаол иштирок этиб келмоқда.

I. 2017 йил давомида амалга оширилган ишлар

Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, вояга етмаган фарзандлари бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш, соғлиғини тиклаш ва якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар ҳамда табиий офатдан жабр кўрган 24 536 нафар фуқароларга 7 424,9 млн. сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.Хусусан:

– 1 416 нафар ногирон фуқароларга 647,4 млн. сўмлик;

– 700 нафардан зиёд ногиронларга 630,0 млн. сўмлик ногиронлик аравачалари;

– 343 нафар ногирон ва чин етимларнинг ўқув-контракт пулларини тўлаш учун 1 195,4 млн. сўм;

– 34 нафар етим болалар ва ота-она қаровсиз қолган коллеж ўқувчилари битиришида ва ишга жойлашишида
95,0 млн. сўмлик нафақа;

– 498 нафар якка ёлғиз кексаларга 101,3 млн. сўм;

– 787 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийларга
471,8 млн. сўмлик;

– 4 982 нафар кам таъминланган оила фарзандларига
1 046,8 млн. сўмлик;

– 700 нафар кам таъминланган оила фарзандларини бепул соғломлаштириш оромгоҳларда дам олишлари учун 600,0 млн. сўм;

– 251 нафар таббий офатдан жабр кўрган фуқароларга
139,2 млн. сўмлик модий ёрдамлар кўрсатилди.

Худди шундай, 18 000 нафарга яқин кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга мухтож, ногирон ва якка ёлғиз қарияларнинг, 2-жаҳон уруш қатнашчиларнинг 615 минг м2дан зиёд уй-жойлар ҳашар йўли билан таъмирланди.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронларни иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида 40 та тикув машиналарини олиб бериш учун 48,0 млн. сўм маблағ сарфланди.

Шу билан бирга, 800 нафар ижтимоий ҳимояга мухтож ногиронларга 900,0 млн. сўмлик ногиронлик аравачалар ҳамда 8 000 нафардан зиёд ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳамда “Мурувват”, “Саховат” уйларига 1 233,7 млн. сўмлик кийим-кечак маҳсулотлари ва 6 685 нафар ёшлар 316,3 млн. сўмлик спорт формалари билан таъминланди.

II. Учраётган муаммо ва камчиликлар

Биринчидан, 2017 йил 3 февралда «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қабул қилинган Фармонингизга асосан Маҳаллалар кенгаши ходимларини ойлик маоши ва моддий рағбатлантириш харажатларига Молия вазирлиги томонидан бюджетдан етарли даражада маблағлар ажратилмаётганлиги сабабли
“Маҳалла” фондига умумхалқ хайрия хашаридан тушган маблағларнинг деярли 25 фоизи Ходимларнинг ойлик иш хақиларига сарфланмоқда.

Маълумот учун: Маблағ етишмаслиги сабабли кўзда тутилган қўшимча тўлов (овқат пули, йўл кира ва устама тўловлари) ва рағбатлантиришлар Кенгаш ходимларига нисбатан қўлланилмаган. Бугунги кунда Кенгаш ижро аппарати мутахассислари 600-700 минг сўм миқдорида иш ҳақи олмоқда.

Натижада, кам таъминланган оилалар, ногирон, чин етим, якка ёлғиз кексаларга ажратилаётган моддий ёрдам маблағлари етарли даражада эмаслиги вужудга келмоқда.

Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил
15 февралдаги “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги 44-сонли Қарорига асосан кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам доимий яшаш (рўйхатдан ўтиш) жойи бўйича тайинланиши белгиланган.

Натижада, маҳаллалар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга нафақалар тайинлашда фуқароларнинг доимий рўйхатда туриш жойлари ҳар хиллиги билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда.

Ёки бўлмаса, мазкур қарорга асосан моддий ёрдамга муҳтож оиланинг даромадлари яъни, ота-онаси, бобо-момоси, ер-мулк, чорва моллари, томорқа даромади қўшиб ҳисобланганда энг кам ойлик иш ҳақининг 1.5 бароваридан ортиши сабабли фуқаро моддий ёрдам олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлмоқда.

Яна бир мисол, Молия бўлимлари томонидан ҳар бир маҳаллада истиқомат қилувчи кам таъминланган оилалар сонига қараб, фуқаролар йиғинига керакли маблағлар ажратилмаётганлиги сабабли, фуқаролардан тушаётган кўплаб мурожаатлар қанотлантирилмаганлиги оқибатида шикоятлар сони ортиши кузатилмоқда.

Худди шундай, маҳалла фуқаролар йиғинининг ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссияси таркибида давлат томонидан ажратилаётган нафақаларнинг адолатли ва қонуний тайинлашда Молия, Солиқ ва Бандлик ҳамда меҳнат муносабатлари ходимлар аъзо бўлишларига қарамасдан иштирок этмаётганлиги натижасида нафақа ва моддий ёрдамлар нотўғри тайинланилиши оқибатида маҳалла раиси ва масъул котиблар жиноий жавобгарликка тортилмоқда.

Учинчидан, кам таъминланган эҳтиёжманд оилаларнинг даромадини кўпайтириш мақсадида, уларда томорқа ер майдонларидан фойдаланиш натижадорлигини ошириш юзасидан кўрасатилаётган амалий ёрдамлар ўзининг ижобий самарасини бермаяпти.

Бу борада, йиллар давомида аҳолининг томорқа ерга нисбатан бефарқ муносабатини тубдан ўзгартириш бўйича барча маҳаллаларда ҳам тизимли иш олиб борилмаяпти.

Тўртинчидан, Тижорат банклар ходимлари томонидан маҳаллаларда кам таъминланган оилаларни эҳтиёжмандлик даражасидан чиқариш бўйича имтиёзли равишда чорва моллари, истеъмол ҳамда иссиқхоналарни ташкил қилиш юзасидан имтиёзли кредитлар ажратиш юзасидан етарли даражада тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмаяпти.

Бешинчидан, Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан маҳаллалардаги барча ишсизлар рўйхатини шакллантириш ҳамда аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб уларни бандлигини таъминлаш борасида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил
5 октябрдаги «Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 799-сонли Қарорига асосан жамоат ишларига жалб этиш қониқарсиз аҳволда.

Олтинчидан, Тиббиёт бирлашмалари томонидан аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш мақсадида кам таъминланган оилалардаги тиббий химояга муҳтож фуқаролар соғлигини тиклаш учун тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда тиббий кўрик натижаларига асосан тегишли даволаш муассасасига жойлаштириш ишлари талаб даражасида эмас.

III. Ҳозирги кунда амалга оширилаётган ишлар

Биринчидан, фуқаролар йиғинларининг кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни аниқлаш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда Молия ва Соғлиқни сақлаш органлари билан ўзаро ҳамкорлиги юзасидан Қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Иккинчидан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Ёшлар иттифоқи, Марказий банк билан ҳамкорликда маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож кам таъминланган оилаларни эҳтиёжмандлик даражасидан чиқариш чораларини кўриш тизимини такомиллаштириш бўйича 2018 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

Учинчидан, Давлат дастурига асосан ҳар битта туман ва шаҳарлардан 70 тадан жами 14 000 та оилаларга 650 минг сўмлик электр печлардан ҳамда ҳар битта туман ва шаҳарлардан 6 тадан жами 1 200 та оилаларга 750 минг сўмдан моддий ёрдамлар ажратиш бўйича кам таъминланган оилаларнинг рўйхати шакллантирилди.

Тўртинчидан, «Томорқа – қўшимча даромад манбаи!» шиори остида аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишларини олиб бориш ва томорқа меҳнати кўникмаларини уларнинг кундалик фаолиятига сингдириш бўйича роликлар ишлаб чиқилмоқда.

IV. 2018 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар

Биринчидан, Вазирлар Махкамасининг 2013 йил
15 февралдаги “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги 44-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда комиссия аъзоларининг таркибини қайта кўриб чиқиш;

Иккинчидан, маҳаллаларга бириктирилган давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари (газ, сув, электр энергияси, почта, махсустранс, тижорат банклари, бандликка кўмаклашиш, солиқ, санитария-эпидемиология, нотариат кабилар)нинг кам таъминланган оилалардаги мавжуд муаммоларини самарали ҳал этишдаги масъулияти ва жавобгарлигини ошириш;

Учинчидан, Маҳаллалар кенгашлари ходимларининг ойлик иш хақиларини Молия вазирлиги томонидан бюджетдан тўлиқ таъминлаш хисобига “Маҳалла” фондига умумхалқ хайрия хашаридан тушаётган маблағларини 25 фоизини кам таъминланган оилалар, ногирон, чин етим, якка ёлғиз кексаларга моддий ёрдамларга ажратиш;

Тўртинчидан, фуқаролар йиғинлари Кенгашлари, 8 та жамоатчилик комиссиялари, «Ота-оналар университети», «Қайноналар кенгаши», «Нуронийлар жамоатчилик кенгаши», тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича маслаҳат маркази, шунингдек маҳаллалардаги кўчабошилар (қишлоқбоши, овулбоши) фаолиятини танқидий кўриб чиқиш ҳамда уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

Бешинчидан, кам таъминланган оилаларни қўллаб қувватлашда фаолияти қониқарсиз бўлган фуқаролар йиғинлари раисларини маҳаллий матбуотда ва телевидениеда эълон қилиш;

Олтинчидан, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ҳар ойда фуқаролар йиғинларида муҳокама қилиш.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Мазкур Сиз белгилаб берган вазифаларга ҳар бир ташкилот раҳбарлари виждонан ва садоқат билан ёндошса олдимизга қўйилган устувор йўналишларни бажариб, мақсадларимиз бир қадам олдинга силжиган бўлади.

Бир сўз билан айтганда маҳаллани халқнинг чинаккам маслакдоши ва кўмакдошига айлантирамиз деб сизни ишонтираман.

Эътиборингиз учун раҳмат!



Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech