Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
21 May 2019

   Ромитан туманидаги Қизилравот маҳалла фуқаролар йиғини Бухоро шаҳар марказидан 300 километр узоқликда жойлашган. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли учун ўзига хос байрамона кайфиятни тақдим этди. Эрта тонданоқ эшитилган карнай-сурнай овози барчани бу ерга чорлади. Тадбир бошлангунга қадар намойиш этилган турли тилларда янграган куй-қўшиқлар, миллий кийимлардаги қизларнинг меҳмонларни қарши олиши кичиккина ҳудудда турли элат вакилларининг тинч ва аҳил умргузаронлик қилаётганлигининг ўзига хос инъикоси бўлди.

   Бино ёнида эса салқин ичимликлар, миллий ширинликлар расталари тартиб берилди.

   Тўйга тўёна билан деганларидек, туман ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раҳбарлари шунча узоқ масофага қуруқ қўл билан боришмади.

  Маҳалла маъмуриятига фонд томонидан компьютер жамланмаси, эҳтиёжманд оила вакилларига рўзғор анжомлари тўпламлари тақдим этилди. Туман ҳокимлиги эса ҳудуддаги кам таъминланган оилалар вакилларининг ҳар бирига озиқ-овқат ҳамда қимматбаҳо маиший техника жиҳозлари топширди.

   Бино кираверишида фуқаролар йиғини раиси сайловига чорловчи банер илинмаганда барча бу ерда бирор байрамми, сайилми бўляпти дея ўйлаши тайин эди.

   Ниҳоят белгиланган муддатда маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бошланди. Айтиш жоизки, маҳалла ҳудудида 663 нафар аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 416 нафари сайлаш ҳуқуқига эга фуқаролардир. Туман кўмаклашувчи комиссияси томонидан ушбу маҳалла фуқаролар йиғинига 52 нафар миқдорида вакиллик нормаси белгиланган.

   Дастлаб йиғилиш раёсати ҳамда овоз бериш ваколатига эга вакиллар орасидан саноқ комиссияси аъзолари сайлаб олингач,  номзодлар номи эълон қилиниб, тўпланганлар улар таржимаи ҳоли билан таништирди. Шундан сўнг, раисликка номзодлар ўз сайловолди дастурларини ўқиб эшиттиришди.

   Жараённинг энг қизғин палласи эса шубҳасиз, яширин тартибда овоз бериш палласи бўлди.   Жараён ниҳоясида саноқ комиссияси сайлов қутисини ҳамманинг кўз ўнгида очди ва бюллетенларни санади. Саноқ натижаларига кўра, Елдор Акбанбетов номзоди маҳалла раислигига сайланганлиги эълон қилинди. Янги раисга ваколатлар топширилиши баробарида маҳаллада ўн етти йил давомида раислик қилган Козимбой оға Абуевга кўп йиллик хизматлари учун миннатдорлик билдирилиб, қимматбаҳо совғалар топширилди.

   - Фуқаролар йиғини раиси сайловида вакил сифатида иштирок этиш бошқача бўларкан, - дейди Козимбой Абуев. – Янги раис - Елдорга маҳалладошлар ишонч билдиргани бежиз эмас. Ёш бўлса ҳам маҳалла ҳаётини, бу ердаги ҳар бир хонадон ичини яхши билади. Дунёқараши ҳам баланд. Маҳалладошлар ишончи ва меҳрини қозонгани боис ушбу вазифага сайланди. Шу ўринда янги раиснинг ҳали қиладиган ишлари кўплигини ҳам айтишимиз керак. Маҳалла ички йўллари абгор ҳолатда. Энди жамоатчилик назорати орқали ҳудуд ободончилигини яхшилаш, ишсизликни бартараф этишда маҳалла фаол бўлиши керак. Янги сайланган маҳалла фуқаролар йиғини раиси ушбу масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиши талаб этилади.

   Таъкидлаш жоизки, вилоятда 5-18 май кунлари ўтказилган 544 та фуқаролар йиғинлари сайловларида 129058 нафар фуқаролар вакиллари 1309 нафар тавсия этилган номзодларга овоз беришди.

   232 нафар раис биринчи маротаба сайланган бўлса, 312 нафар номзодга қайта ишонч билдирилди. Вакиллар томонидан сайловолди дастури қўллаб қувватланган номзодларнинг 81 нафари аёллар ташкил этиши жамият ҳаётида хотин-қизлар роли ва мавқеи тобора ошаётганлигининг амалий тасдиғидир.

   Таҳлилларга кўра сайланган раисларнинг 341 нафарини олий, 202 нафарини ўрта-махсус, 1 нафарини ўрта маълумотли кадрлар ташкил этмоқда.

   Уларнинг 89 нафари 45 ёшгача, 178 нафари 45-55 ёшгача, 257 нафари 55-65 ҳамда 20 нафари 65-75 ёшгача бўлган шахслар ҳисобланади.

   Раислар таркибига бевосита мутахассислик нуқтаи назаридан эътибор қаратадиган бўлсак, энг кўп (139 нафар) ўқитувчиларга ишонч билдирилганлигини кузатиш мумкин. Шунингдек, раисларнинг 114 нафари иқтисодчи, 71 нафари муҳандис, 45 нафари агроном, 25 нафари ҳуқуқшунос, 10 нафари шифокор, 14 нафари қурувчи, 20 нафари товаршунос,
1 нафардан санъаткор ва спортчи ҳамда 105 нафар бошқа соҳалардаги мутахассислардир.

   Вилоятдаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида раис (оқсоқол) сайлови ниҳоясига етди. Эндиликда барча ҳудудларда фуқаролар йиғини раисининг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи 4 нафар ўринбосари, маслаҳатчиларини сайлаш, масъул котибни тасдиқлаш, доимий комиссияларни шакллантириш мақсадида вакиллар йиғилишларини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Мазкур вакиллар йиғилишлари 27-31 май кунлари ўтказилиши режалаштирилмоқда.


                                                                                                                                                   Акбар Рустамов

Манба: Бухоро вилоят Маҳаллалар кенгаши / Кўришлар: 90

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech