Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ҳашар – халқ бирдамлигининг ифодаси
26 Jan 2019
Бухоронинг етти пирларидан бири Хўжа Ориф Ревгарийнинг Шофиркон тумани марказида қайта тикланаётган зиёратгоҳида умумхалқ экология хайрия ҳашари куни ободонлаштириш ишлари кўлами кенгайди.

 Улуғ мутафаккир аждодимизга эҳтиром рамзи сифатида атроф ҳудудларда яшовчи қарийб 350 нафар кишининг бунёдкорлик юмушларига камарбаста сифатида енг шимаргани эътиборга молик. Ҳашарчилар зиёратгоҳ йўлакларини тартибга келтириш, майдонларни текислаш баробарида, барпо этилаётган боғда 300 тупдан зиёд мевали ва манзарали кўчатлар ҳам ўтқазишди.

 Бу Орол денгизининг сувсиз тубини ўрмонлаштириш, кўча-кўйларни ободонлаштириш, халқимизга хос бўлган кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш каби эзгу мақсадларга қаратилган умумхалқ экология ҳашари Бухоро вилоятда кенг кўлам касб этганига бир мисол. Буни ҳар бир туман ва шаҳардаги бунёдкорликларда кўриш мумкин.

 Якка-ёлғиз яшаётган ва моддий жиҳатдан қийналаётган ижтимоий ёрдамга муҳтожларни қўллашнинг савоби ҳам улуғ. Бугун Ромитан туманидаги Гараншоҳ қишлоғида яшовчи Сайёр Рустамова қувончининг чеки йўқ. Унинг уйини таъмирлаш бўйича бир ҳафта илгари бошланган ишлар ҳашар куни ниҳоясига етди. Ҳомийлар кўмагида уч хонали уйга пол ётқизилди, шифти тартибга келтирилди, том қисми шифер билан қопланди.

Бухоро шаҳридаги Собир Раҳимов маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳашар куни кўчалар қиёфаси кўркам кўриниш олиб, кўпқаватли уйлар атрофи орасталанди. Бу ердаги болалар ўйин майдончаси ҳам таъмирланди, арғимчоқ ва аттраксионлар созланди.

Ҳозиргача умумхалқ хайрия тадбирида 524 мингдан зиёд киши иштирок этди. – дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Бухоро вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Аҳрор Ғуломов. Ҳашарчиларнинг 347 минг нафари ёшлар бўлди. Ҳашарда кўча, майдон ва хиёбонлар, 25 та зиёратгоҳ ва 900 та қабристон тартибга келтирилди. Умумий узунлиги 1 минг 626 километр бўлган ариқ ва лотоклар тозаланди. Жами йиғиштириб олинган 2 минг 945 тонна маиший ва қаттиқ чиқиндилар белгиланган жойларга чиқарилди. Бундан ташқари, 282 минг туп дарахтга шакл берилиб, оқланди. 428 кам таъминланган оила ва якка-ёлғиз инсонларнинг уйи таъмирланди.

 Мамлакатимизда “Юртимизни янада обод этайлик!” шиори остида ўтказилаётган хайрия ҳашарида эзгулик йўлида эл бирлашса, кўп нарсага қодир, деган ҳикматли гап ўз ифодасини топди.
Манба: Бухоро вилоят Маҳаллалар кенгаши / Кўришлар: 132

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech